Сирдарё вилояти транспорт бошқармасида матбуот анжумани ўтказилди

01.07.2021

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7-майда “Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5108-сонли қарорининг мазмун-моҳияти бўйича Сирдарё вилояти транспорт бошқармасида ОАВ ходимлари, журналист ва блогер ҳамда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбикорлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжумандан ўтказишдан мақсад қарор ижросини таъминлаш, кенг жамоатчилик орасида тарғибот ишларини олиб бориш ва аҳолига тушунарли ва содда тилда етказишдан иборат.

Қарорнинг мазмун-моҳияти бўйича Транспорт бошқармаси бошлиғи О. Эрбеков анжуман иштирокчиларига мазкур қарор эксперимент тарзида 2021 йил 15 майдан бошлаб 2022 йил 31 декабргача муддатга якка тартибдаги тадбиркорларга 4 та ўриндиқли енгил автотранспортда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилганлиги, яъни йўловчиларни ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга эга бўлган енгил автотранспортларда ташиш якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилганлигини айтиб ўтди. Илгари фақатгина юридик шахслар йўналишсиз такси хизмати кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган бўлса, ҳозирда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, жисмоний шахслар ўзига тегишли бўлган автотранспорт воситаси билан ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди. Ҳайдовчиларга мазкур қарорга асосан йўналишсиз такси хизмати кўрсатиш учун берилган имтиёзлар ва талаблар тўғрисида тушунтиришлар берилиб, ўтказилётган тарғибот тадбирлари тўғрисида тушунтириб ўтди.

Лицензиялаш шўъбаси бошлиғи М. Абдувалиев мазкур қарор эълон қилинган кундан кейин ўтган вақт давомида бошқарма томонидан 17 нафар белгиланган тартибда якка тадбиркор сифатида давлат рўйҳатидан ўтган фуқароларга лицензия/лицензия варақалари расмийлаштирилиб берилди.
Бундан ташқари, йўловчи ташиш соҳасида фаолият юритиб келётган юридик шахслар таркибига кирган ҳолда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган 98 нафар фуқароларга тегишли рухсатномалар берилгани ҳақида маълумот берди.

Сирдарё вилояти транспорт бошқармаси Автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўлими бошлиғи Х. Сайфутдинов Автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўлими инспекторлари томонидан иш фаолиятлари давомида аҳоли кўп тўпланадиган  жойларда, бош ва охирги бекатларда, автостанция ва автотураргоҳларда тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилётганини таъкидлаб ўтди.

Матбуот анжумани очик мулоқот тарзида ўтказилиб, журналистлар ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар мазкур қарор юзасидан ва ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишиб ва таклифларини бериб ўтди.

 

Сирдарё вилояти транспорт бошқармаси матбуот хизмати