Масофавий ўқиш ташкил этилди

Вилоятдаги барча йўловчи ва юк ташиш фаолияти билан шуғулланаётган ташувчи корхоналар раҳбарлари диққатига!
Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни 21-моддаси ҳамда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг (ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги) 2006 йил 6 сентябрдаги 98-сонли буйруғи билан тасдиқланган Низомнинг 10-бандида “Йўловчилар ва юкларни ташиш билан шуғулланаётган юридик шахсларнинг ходимлари агентлик томонидан тасдиқланган махсус дастурлар бўйича уч йилда камида бир марта ўз малакасини ошириб, малака имтиҳони топшириши керак”лиги белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни 21-моддаси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг 2006 йил 6 сентябрдаги 98-сонли буйруғи ижросини таъминлаш ҳамда лицензия талаб ва шартларининг бузилишини олдини олиш мақсадида, аттестация муддати тугаган (тугаётган) ташувчи корхоналар раҳбарлари, масъул ходимлари ҳамда янгидан ташкил этилаётган автомобиль транспортида ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларнинг раҳбар ва масъул ходимлари қисқа муддат ичида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Автомобиль транспорти кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти”да жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб “Автомобиль транспортида ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларнинг раҳбар ва масъул ходимлари” ва “Йўл ҳаракати қоидалари ва ҳаракат хавфсизлиги асослари” йўналишлари бўйича ташкил этилган масофавий малака ошириш ўқув курсларида ўз малакаларини оширишлари сўралади.
Ушбу 28 кун давом этадиган масофавий ўқув курсларида малака оширишга талабгор бўлган шахслар ахборот-коммуникация технологияларини зарур даражада ўзлаштирган ва уларни қўллаш маҳоратига эга бўлишлари ҳамда интернет тармоғи мавжуд ҳудудлардан институтнинг www.qabul.avtoilm.uz манзили орқали онлайн рўйхатдан ўтишлари лозим бўлади.
Мурожаат учун тел: (95) 196 44 43 (О. Болиев)
(90) 121 43 76
Сирдарё вилоят транспорт бошқармаси