АВТОТРАНСПОРТ ТАШУВЛАРИДА ЭЛЕКТРОН ЛОГИСТИКА САВДО ПОРТАЛИдан фойдаланиш шартлари...

Сирдарё вилояти транспорт бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27-декабрдаги “Товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини жорий қилиш ҳамда маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматларининг электрон логистика савдо порталини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 777-сон Қарори юзасидан ўқув семинари бўлиб ўтди.
Семинарда вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи О.Эрбеков, бош юрисконсульти Ш.Акрамов, Лицензиялаш сектори 1-тоифали инспектори Ж.Файзиев, Ўзбекистон республика товар-хом ашё АЖ Сирдарё вилояти филиали ходими А.Исаматов, халқаро ташувчилар МЧЖ ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё АЖ Сирдарё вилояти филиали ходими Аҳмад Исаматов юк ташувчилар ўртасида рақобатни таъминлайдиган электрон логистика портали фойдаланиш шартлари,буюртмачилар ва юк ташувчиларни рўйхатдан ўтказиш, мижоз ва биржа аъзоси ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, фьючерс шартномаларини тузиш ва ижроси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилиш,шартнома шартлари бўйича томонларнинг мажбуриятларини слайд орқали намойиш этди.
Электрон логистика савдо портали – юк ташиш бўйича электрон савдолар ўтказилишини, улар тўғрисидаги эълонлар ва бошқа зарур бўлган ахборотнинг электрон шаклда жойлаштирилишини, электрон савдолар ўтказилишини таъминловчи операторнинг махсус веб-сайти.
Электрон тизим автоматик тарзда ишлайди. Савдолар шартномани бажариш учун энг яхши шартларни ва энг арзон нарх таклиф этган юк ташувчини танлаш имкониятини тақдим этади. Савдоларда иштирок этиш учун буюртмачилар ва юк ташувчилар шахсий ҳисобварақларига “аванс” тўловларини ўтказишлари шарт. Эълонга ўз нарх таклифини берган юк ташувчиларнинг закалати ғолиб аниқлангунга қадар банд қилинади.
Маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматларининг тўлиқ рақамлашган шаффоф навбат тамойилига асосланган электрон логистика савдо портали барча манфаатдор шахслар фойдалана оладиган электрон тизим саналади. Электрон логистика савдо портали 2021 йил 1 сентябрдан ишга туширилган.
Шунингдек, семинар давомида халқаро ташувчилар соҳа мутахассисидан ўзлари учун керакли бўлган маълумотларга эга бўлиб, саволларига батафсил жавоб олишди.
Сирдарё вилояти Транспорт бошқармаси Ахборот хизмати